Бахт топологияси



- Топология – чўзилувчан, “резинка геометрия”.
Фигурани узмасдан, қирқмасдан, уламасдан
чўзилса ёки эзилса, янги ҳосил бўлган фигура
аввалгиси билан топологик бир хил бўлади.
- Ҳм, оби нон ва чақа танга топологик бир хил.
- Ёки тилла узук ва тешик кулча!
- Шундайкуя, аммо оби нон ва тешик кулча
бошқа-бошқа топологияга эга.
- Ҳа энди, кимгадир ширин кулча,
кимгадир оби нонда!... Тўғрими, а?

Чойхонадаги суҳбатдан


Номзодлик диссертациясини ёқлаши биланоқ Ҳикматни қўшни илмий-текшириш институти лаборатория мудирлиги вазифасига таклиф қилишди. Ҳикмат илм билан шуғулланишга янада астойдилроқ бел боғлагани учун бу таклифга дарров кўна қолди. “Иккиланиб ўтиришга на ҳожат? Лаборатория йўналиши илмий йўналишим билан устма-уст тушади, докторлик ишимни узлуксиз олиб боришга имконият туғилади”, - ўйлади у.

Жамоада Ҳикматни яхши кутиб олишди. Бир-икки кун давомида у ҳамма ходимлар билан суҳбатлашиб, уларнинг шахсий ишлари билан танишишга, ҳар бир одам нимага қодирлиги ҳақида хулоса чиқаришга улгурди. Унинг ўзи ҳам жамоага ёқди. Ўртача бўйли, оқ-сариқдан келган, гапларини ўйлаб, салмоқ билан гапирадиган, ўз ишини пухта биладиган, зиёлинамо, маданиятли бу йигит фақат ўз соҳасидамас, фаннинг бошқа соҳалари, айниқса тарих ва фалсафада чуқур фикр юрита олишини ўз ходимларига тез орада билдириш имкониятини топа билди.

Лабораторияни кичик ҳисоблаш маркази деса ҳам бўлади. Унинг асосий вазифаси бошқа лабораторияларда математик тенгламалар кўринишида олинган натижаларнинг шахсий компютерларда сон кўринишидаги ҳисоботларини тайёрлаб беришдан иборат эди. Шу сабабдан лабораториянинг деярли ҳар бир ходими яхши дастурчи, алгоритмист, математик модел нималигини тушунадиган, уни у ёки бу шароитга мослай оладиган мутахассис бўлиб, дунёқараши кенг, замонавий фан қайси йўналишда ривожланаётгани, унинг олдинги марраларида олимлар нималарга қўл урмоқдаю, нима натижалар олиш кутилмоқда, қандай ютуқларга эришилмоқдалиги ҳақида орқаваротданмас, бевосита хабардор кишилар эди. Аксарият ходимлар аёллар бўлиб, Ҳикмат уларнинг масалаларни чуқур тушуниб, моделларни билимдонлик билан танлашларига ҳам ҳайрон қолар, ҳам ҳавас қиларди.

Буларнинг ичида ёши қирқлардан ўтиб қолган Асила опа айниқса бошқача эди. Тили ширин, доим ёшлар, янги ходимлар, тажрибаси камроқларга ёрдамга тайёр бу аёл Ҳикматда алоҳида бир ҳурмат уйғотди.

Йиғилишларнинг бирида Ҳикмат Асила опани мақтаб, ундан жуда хурсандлигини, агар унга бир иш топширилса бу ишнинг охирига етказилишига ҳеч қандай хавотир олмаслик учун асос борлигини гапирди.

Йиғилишдан сўнг лаборатория ходимларидан бири Ҳикматга:

- Ҳикмат ака, сиз Асила опани яхши билмайсиз. У айёр, илоннинг ёғини ялаган, хушомадгўйлик билан сизни қўлга олиш ҳаракатида. Фақат ўз фойдасини кўзлайди – ишончингиз оқлаб олиб, кейин уни суистеъмол қилиб юради. Мени тўғри тушунинг, бу ерда озмунча вақтдан бери ишлаётганим йўқ, Асила опа билан саккиз йилдан мўлроқ бир жамоадаман. Умуман, биламан ҳаммасини... Вақти келиб, мени тўғри айтган экан дейсиз, – деди.

Ҳикмат озми-кўпми одамларнинг фарқига борарди. У ходимга ҳеч нарса демадию, бироқ унинг гапларига ҳам ишонмади.

Ҳикмат иш юзасидан бот-бот Асила опа билан маслаҳатлашиб турадиган бўлди. Жамоадаги табиий бўлиб турадиган ихтилоф ва низолар, туғилган кун, байрамлар, ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш, мукофотлаш ва жазо чораларини қўллаш, интизом масалалари ва ҳоказо ва ҳоказо бир қанча масалалар Асила опа маслаҳатисиз ҳал бўлмай қолди.

Сирасини айтганда Ҳикмат жамоадан хурсанд эди – ҳамма ўз ишини билади, гуруҳбозлик йўқ, ҳайриҳоҳлик кайфияти ҳукм суради. Кўпинча у биров бировга ёрдам қўлини чўзганига гувоҳ бўларди.

Асила опанинг битта қилиғи Ҳикматга ёқмасди. Унинг уйи яқин атрофда бўлиб, ишга атайин қилгандек роппа-роса 9.00 да, баъзан эса ўн-ўн беш минут кечикиб келарди. Бундай пайтларда Ҳикмат Асила опани хонасига чақириб, у билан “тарбиявий соат” ўтказади.

- Асила опа, сиз нафақат лабораториямизда, бутун бошли институтда катта обрўга эгасиз, - Ҳикмат Асила опанинг касаба уюшмаси фаоли эканлигига ишора қилади. - Иш бўйича менинг талабимни биласиз. Ходим 8.50 да ишда бўлиши лозим. Ўн минут у ёқ-бу ёққа қараш учун, ўзига оро бериб, иш столи ҳамда қоғозларни тартибга келтириш учун зарур деб ҳисоблайман.

Асила опа одатда Ҳикматнинг сўзларини жилмайган кўйи, бироқ кўзларини ерга тикиб, ёки қўлида дастрўмолини ўйнаб, одоб билан эшитади.

- Бунинг устига лабораториямизда аксарият ёшлар ишлайди. Биз уларга қандай ўрнак кўрсатамиз? – давом этади Ҳикмат.

- Ҳикмат Асадуллаевич, - Асила опа Ҳикматга ҳурмат учун бўлса керак, ўзидан деярли ўн ёш кичик бўлишига қарамай шундай мурожаат қиларди, - иш бошида ўн-ўн беш минут муҳим рол ўйнамайди. Ҳамма гап яхши кайфиятда иш бошлашда. Бунинг устига меҳнат интизомини бузганим йўқ, соат 9.00 да шу ерда эдим. Қолаверса, биласизку, керак бўлганда соатлаб ишдан кейин қолган вақтларим кўп бўлган, бундан кейин ҳам қолавераман. Ҳар ҳолда, Ҳикмат Асадуллаевич, мени масъулиятсизлик ва интизомни бузганликда айблаш ўринсиз.

- Вой Асила опа-ей, суҳбатимиз жуда расмий оҳангда бўлиб кетдику, - ўртани юмшатишга ҳаракат қилади Ҳикмат.

Аксарият ҳолларда уларнинг суҳбатлари аста-секин ҳаётий масалалар, сиёсат, у ёки бу воқеага нисбатан билдирилган фикр алмашишга ўтиб кетади. Баъзан баҳслашиб кетишади. Уларнинг баҳси ёшларники каби “бахт нима?”, “гўзаллик деганда нимани тушунасиз?” дегандек абстракт характерда бўлмай, у ёки бу ҳодисани талқин қилишдаги фикр алмашув бўлади.

Асила опа чинданам ўқимишли, ақлли, зукко аёл эди. Ҳикмат унга тикилиб туриб доим “бу аёл ёшлигида жуда чиройли бўлган бўлса керак” деган хаёлга борарди. Бироқ Асила опа уни аёл сифатида қизиқтирмасди. Бунинг сабабларидан бири Ҳикматнинг фан кишилари орасида кўп учраб турадиган умуман аёлларга бефарқлиги бўлса, иккинчи томондан Асила опанинг Ҳикматга нисбатан ёши анча улуғлигида эди.

Баъзида Ҳикмат Асила опа ўтирган хонага кириб, ҳар хил мавзуларда суҳбатлашиб ўтиради. Бора-бора бу суҳбатлар одатга айланиб қолди. Ҳикмат фалсафий мушоҳада қилишни, воқеа, ҳодиса ва фактлардан умумий хулосалар чиқаришни яхши кўради. У сиёсатга бефарқ, бу ҳақда фикр юритишдан ўзини тортарди. Асила опа, аксинча, фалсафий мушоҳадани яхши кўрсада, аксарият сиёсий воқеалар, бадиий адабиёт, санъат масалаларини талқин қилишни хушлайди.

- Замонавий ҳаёт оқими ҳақида анчадан бери бир туб хулосага келувдим, - деди Ҳикмат суҳбатларининг бирида. У креслога суянган кўйи, бир қўлини одатдагидек шимининг чўнтагига тиқиб турарди.

- Ривожланиш шу вақтгача моҳият чуқурлашуви ҳисобига бўлган, тўғрими? Дин, санъат, адабиёт ва фан ривожланиш тарихи шундан далолат беради. Энди эса ривожланиш гўзаллашиш, нозиклашиш, деталларга эътибор бериш текислигига ўтган. Буни “юзаки” ривожланиш деса ҳам бўлади.

- Агар сизни тўғри тушунган бўлсам, бу жуда ҳам ёмон ҳодисамас, - Асила опа Ҳикматнинг фикрини давом эттирмоқчи бўлди. – Сиз айтмоқчисизки, масалан, одамлар энди қандай бўлса ҳам бирор бошпана, уйга эга бўлишнимас, балки айнан чиройли қурилган, замонавий жиҳозланган, оврўпоча ремонт қилинган уйни ҳоҳлашмоқда демоқчисизда, тўғрими?

- Зеҳнингизга қойил! – Ҳикмат Асила опага тикилди. – Гапимнинг мағзини дарров фаҳмладингиз-а! Бироқ масалага иккинчи томондан ёндашса ҳам бўлади. Рекламаларга эътибор беринг: ёшлигимда ҳафтада бир марта ҳаммомга тушиб, бошимни ўша ерда ювардим. Энди эса фақат бошни ювишмас, албатта шампунда, унча-бунча шампундамас, қандайдир халқаро миқёсда тан олинганида ювиш лозим. Бу, албатта, майда масала. Фанни олинг. Илгарилари у ёки бу муаммони ечишга – космосни тадқиқ қилиш дейсизми ёки термоядро синтезини бошқаришми – алоҳида конструкцияга эга ЭҲМ буюртирилар, унинг учун ўзига хос, уникал дастур тузиларди. Ҳозирчи, Фанлар Академиясининг Бошқарув масалалари институтида рак назариясини ишлаб чиқишибдию, керакли ҳисоб-китобларни алмисоқдан қолган 486-процессорли шахсий ЭҲМда амалга оширилмоқда.

Асила опадан ҳам қизиқ ва чуқур мулоҳазаларни эшитиш мумкин эди. Бир куни у Ҳикматдан сўраб қолди:

- Нечта чет тилини биласиз?

- Ҳм, немис ва инглиз тилини... Перевод со словарем!

- Сиз билан биз совет даврида ўқиганмиз. У даврнинг яхши томонлари ҳам бор эди, буни инкор қилиш керакмас. Бироқ... - Асила опа бироз сукут сақлади, - нега чет тилини фақат луғат билан ўқийсиз? Бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

- Бунинг нимасини ўйланади, ҳаммаси равшанку? Оғзаки гаплашиш учун муҳит йўқ

- Бу масаланинг бир томони. Совет даврида сиёсат шундай бўлган – ўрганиш, ўргатиш айнан луғат орқали чекланган. Оғзаки гаплашиш, юмшоққина айтганда, рағбатлантирилмаган.

- Ҳм, ҳм... – Ҳикмат ўйланиб қолди.

Ҳикмат стол тортмасидан сигарет олиб, “кечирасиз” дея уни тутатди. Дераза олдига бориб хонани қоронғилаб турган пардани кўтарди ва дераза қанотини очиб юборди. Очиқ ёз куни бўлганидан хона қуёш нурига чўмди. Кўчанинг дим ҳавоси хонани тўлдира бошлади.

- Бекор қилдингиз деразани очиб.

Ҳикмат кўчага тикиларкан, Асила опанинг луқмасига эътибор бермагандек деди:

- Мана, милиционерлар, қолаверса ҳарбийлар ёзда шорт кийиб юрса бўладику!... Об-ҳаво, иқлим айнан шуни талаб қилади. Ана, биттаси офтобнинг тиғида турибди, бечора.

- Йўқ, бу мумкин бўлмаган ва яхши нарсамас.

- Нега? – ҳайрон бўлди Ҳикмат.

- Шортда юриш бизнинг урф-одатларимиз, менталитетимизга тўғри келмайди.

- Ҳм, қизиқ, бу томонини ўйламаган эканман... Бироқ Ҳиндистонда шундай юришадику? Ахир у ерда ҳам мусулмонлар етарли!

- Ҳиндистонда бўлганмисиз? У ернинг иқлими бизникидан катта фарқ қилади. Ҳеч бўлмаганда у ерда қиш бўлмаслигини ҳисобга олинг. Бундан ташқари, бу анъанага инглизлар асос солишган. У ерда ҳам ерли халқ, эркаку-аёл узун материалга ўраниб юришади...

Ҳикмат одатда ҳамма кетгандан сўнг қолиб ишларди. “Менга ишлаш учун сокинлик ва жимжитлик керак”, дерди унинг бу одатига қизиқиш билдирганларга у. Бироқ тасодифми, ёки қандайдир қонуният кучга кирибми, ўз одатига хилоф равишда Ҳикмат бир-икки марта ишдан сўнг Асила опани уйигача кузатиб қўйди. Кейинчалик бу одат тусига кирди. Улар ҳар доимгидек улкан сайёравий масалалардан тортиб, майда-чуйда воқеалар ҳақида фикр юритишарди. Буни оддий ахборот алмашинуви дейиш қийин эди. Чунки улар ўртасида жўнгина суҳбат, оғзаки мулоқотдан чандон муҳим бўлган ва иккови учун қадрли бўлган яқинлик, уйғунлик, мослик майдони пайдо бўлгандики, буни улар энди инкор қила олишмасди.

Ҳикмат ўйлаб қараса, лабораторияда етти йилга яқин ишлаб қўйибди. Докторлик диссертацияси ҳам деярли тайёр бўлиб қолди. Сўнгги вақтларда босиб ишлагани билиндими ёки ёши қирқдан ошганлиги белгиси бўлдими, юрак хуружи билан касалхонага тушиб қолди. Докторлар тез орада оёққа турғизиб юборишдию, бироқ даволанишнинг тўла курсини олмаса бўлмаслигини такидлашди. Ҳикмат бир неча ҳафта касалхонада қолиб кетди.

Унинг хаёлига олдин ҳеч келмаган фикрлар келарди. Одам йигирма ёшида бир хил, ўттизда яна бошқача. Қирқдан ўтганда эса ўлим билан боғлиқ фалсафий мушоҳадаларга бериларкан. Энг қизиғи, у Асила опани қўмсай бошлади. Аввалига бундан ўзи ҳам уялди. Аммо ҳоҳишини таҳлил қилса, бу қўмсаш на севги, на муҳаббат, на аёлга интилиш, на яқин дўстини кўришни ҳоҳлашга ўхшайди. Бу қандайдир янги туйғу бўлиб, уни қандай изоҳлаш ва қандай номлашни ўзи ҳам билмасди.

Худди буни сезгандек Асила опа аввал лаборатория ходимлари, оператор қизлар билан, кейин шогирди, аспирант йигит билан Ҳикматни кўргани келди. Ҳикмат Асила опа билан ёлғиз қолишни ҳоҳларди, бироқ Асила опага ўзингиз якка келинг дейишга имкон топмади. У буни ийманишсиз, бемалол айта оларди, бироқ Асила опани ноқулай аҳволга солишдан чўчиди.

Аммо бугун Асила опа катта илмий ходим Ҳалимахан билан келганда уни четга тортиб, ўзи ҳам учун кутилмаганда:

- Мени ким ва нима дея ўйласангиз ўйланг, бироқ сиз билан лоақал бир марта яқин бўлмасам... ўзимни бу дунёда энг ночор, бахтсиз одам ҳисоблайман, - деди деярли шивирлаган кўйи.

Асила опа довдираб қолди, қўққисдан мушт еган кишидек гангиб атрофга аланглади.

- Илтимос, менинг бу ҳоҳишимни пасткашлик, ифлослик, қолаверса аблаҳлик ва аҳлоқсизликка йўйманг, - давом этди Ҳикмат. – Бу нарса мен учун юзаки ҳоҳиш, ўткинчи майл эмас, балки... балки... юксак ҳаётий эҳтиёж... менинг бахт ҳақидаги тасаввурим, фикрларим ва орзуимнинг амалга ошиши, - у гапиришдан тўхтаб ютинди. – Ўйлайманки, сиз учун ҳам... бу... фақат физиологик ва ҳайвоний жуфтлашишдан анча юқори акт бўлади. Мени тўғри тушунинг...

Тинмай гапираётган Ҳикматга қулоқ тутаркан, Асила опанинг ҳамма ёғидан иссиқ чиқиб кетди. Шу ёшга кириб у бирор марта эрига хиёнат қилмаган ва бу нарса унинг ҳаёт ва фикрлаш тарзига умуман ёт эди. У ўзини қўлга олиб, Ҳикматни охиригача эшитишга жазм қилди.

- ... бу мен учун фақат жинсий... яқинлашиш бўлмасдан ҳаёт уйғунлигини охиригача ўзимга сингдиришда етмай турган ниҳоятда зарур ҳалқа, сўнгги томчи... – Ҳикмат ўзи нима деганини энди тушунган кишидек бирдан жимиб қолди. Унинг манглайи ва пешонасини ғирчча тер қоплаганди.

Асила опа эсанкирашдан ўзига келиб Ҳикматнинг бу ғайри оддий илтимоси бузуқ, беҳаё эркакнинг физиологик ташналиги бўлмай, балки бунинг замирида қандайдир ички мутаносиблик, гармонияга талпинишни аёллик қалби билан сезди.

- Сизни тушундим, Ҳикмат Ас..., - у “Асадуллаевич” дея олмади, бир ютиниб давом этди., - чамамда, кўнглингизнинг туб-тубидан, ич-ичидан чиқаётган ҳоҳиш моҳиятини англаётгандек бўлаяпман.

Асила опа энди тамоман ўзини қўлга олганди.

- Мен сизни зиёли ва маданиятли бир инсон сифатида ҳурмат қилардим...

Ҳикмат ўзича “тамом!” деб ўйлади, ўзини ўта хунук иш қилгандек ҳис қилди.

- ... ва бу ҳурматимни йўқотмадим, - давом этди Асила опа.

“Хайрият-е!”

- ... сиз ўз ҳоҳишингизнинг туб, фундаментал, кейин... нима десамакан..., - тутилди Асила опа, - фалсафий дейдимией..., асосини менга етказа олдингиз, тушунтира билдингиз. Бироқ мен ҳеч қачон эримдан бошқа эркак билан бўлмаганман, бу нарса хаёлимга ҳам келмаган... Сизнинг илтимосингизни дарров рад қилмоқчимасман. Мен... мен... ўйлаб кўраман. Энди хайр! Тузалиб қолинг ва бахтли бўлинг...

Асила опа югуриб Ҳалимахоннинг олдига борди ва табиатига хос бўлмаган тарзда шошиб нимадир деди. Улар тез-тез юриб касалхона дарвозасидан чиқиб кетишди. Ҳикмат уларни кўзи билан кузатиб қоларкан бахт ҳақида ўйлаб кетди. Негадир авваллари бу ҳақда ҳеч ўйламаган экан. “Бахт абстракт, мавҳум тушунча, қуруқ фалсафа сўқиш, асоссиз равишда заминдан узилиб, осмонда парвоз қилиш деб ўйлаган бўлсам ажабмас. Лекин ҳозир бундай деб ўйламаяпман... Қизиқ... чинданам қизиқ...” Бирдан Ҳикмат бахтли бўлиши учун кичик, озгина, бир чимдим нарсанинг етмаслигини сезиб қолди. Шу дамда Асила опани кўриш, у билан ёнма-ён бўлиш, нима ҳақида бўлсада фикрлашиш, суҳбатлашиш, ҳатто оддийгина ахборот алмашиш – у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтириш унинг учун бахт эканлигини ҳис қилди.

Умрида катта илмий ходимликдан нарига ўтмаган, ақлли бўлсада, фанда омади чопмаган, умрида лоақал бир марта бўлсада чет эл юзини кўрмаган лаборатория ходими Алишерни эслади шу чоқда.

- Биласизми, - деган эди у бир куни Ҳикматга, - мен бахт, бахтиёрлик нималигини биламан, буни бошимдан кечирганман. Агар дунё ичингга сиғиб кетса, ҳаёт сен билан тўлиқ бўлса, сен ўзингнинг ҳаёт билан, унинг бутун намоён бўлиш имкониятлари билан изоморф1, конгениал2 сезсанг, маълум дақиқа узлуксиз ва ширин бус-бутунлик, яхлитлик, мукаммаллик, тўлиқлик туйсанг, ана ўша нарса оддий тилда бахт дейилади. Қизиғи шундаки, бу туйғуга, ҳаётни тўлалигича нафасим билан ичимга сиғдира олишга илмий кашфиётда, лаборатория тажрибасида бирор пичоққа илинарли натижага эришгандамас, хотинимнинг жўнгина, соддагина бир ҳатти-ҳаракати туфайли мушарраф бўлдим.

Ҳикмат Алишернинг гапини бўлмасдан, жимгина эшитганди:

- Биласиз, гулларни, уларни парваришлашни яхши кўраман. Иложи бўлса квартирамнинг ҳар бир хонасини, деворларини гулларга кўмиб, чирмаб ташласам дейман. Айниқса, ташқарида қиш, совуқ, оппоқ қор бўлганда уйинг оранжереяга3 айланиб, хонадонинг гулларга, яшилликка тўла бўлса, қандай кўзни қувонтирувчи контраст4, дилни яшнатувчи чирой бўлади... – Алишер кўзини юмиб, шу яшиллик ва кўм-кўкликни ҳузур билан тасаввур қилганини билдирувчи чуқур тин олгани, Ҳикмат эса Алишер сўзининг давомини, индаллосини қандайдир ички бир қизиқиш ва ҳайрат билан кутгани эсида.

- Хотиним билан ўртамизда шу гуллар туфайли доим келишмовчилик пайдо бўлади. Уни гулларни ёмон кўради дейиш қийин, бироқ, чамаси, яхши ҳам кўрмайди. Тўғри, менинг бу машғулотим унга ортиқча ташвиш, даҳмаза. “Сизга қолса уйни фақат гулхонамас, зоопаркка айлантирасиз, - дейди. - Қўйиб берса аквариумда балиқ кўпайтириб, верандани жонли бурчак учун ажратасиз”. Албатта, хотиним ошириб юборди, ҳайвонларни ўсимликлар, гулларчалик яхши кўрмайман. Ўсимлик бошқа, ҳайвон бошқа.

Алишернинг қизиқ одати бор эди – чекмасада доим ўзи билан сигарет олиб юради. Ҳамма чекканда у сигаретни қўлига олиб эзғилай бошлайди. Ўшанда ҳам шу одатини такрорлаганди.

- Биласиз, қишнинг қоқ ўртасида туғилганман. Туғилган куним эрталаб хотиним иккита тувакда барқ уриб очилиб турган гул совға қилди. Уларнинг гўзаллигини менинг кўзим билан кўриш керак эди... – унинг кўзларидан чақнаган нурни кўриб, “ҳозир шунчалик завқланаяпти, айни вақтда қанчалик хурсанд бўлганлигини тасаввур қилиш қийинмас”, - ўйлаганди Ҳикмат.

- Биз уларни атайин залга, махсус тайёрланган столга қўйдик. Чинданам мендан бахтиёр одам йўқ эди. Ҳатто ўзимни танимай қолдим – чамамда бахтни, ҳаётнинг тўлалигини бундай қизғин ва интенсив ҳис қилишни ўзим ҳам кутмаган эканман шекилли. Қисқаси, “бахт, бахт” деймизу, бунинг учун кўп нарса керакмаслигига эътибор бермаймиз. Айниқса, хотинимдан хурсанд бўлганимни айтмайсизми? Хотинимнинг айнан гул совға қилиши узук бўлган бўлса, гуллар бу узукка кўз бўлиб тушганди...

- Биз уларни атайин залга, махсус тайёрланган столга қўйдик. Чинданам мендан бахтиёр одам йўқ эди. Ҳатто ўзимни танимай қолдим – чамамда бахтни, ҳаётнинг тўлалигини бундай қизғин ва интенсив5 ҳис қилишни ўзим ҳам кутмаган эканман шекилли. Қисқаси, “бахт, бахт” деймизу, бунинг учун кўп нарса керакмаслигига эътибор бермаймиз. Айниқса, хотинимдан хурсанд бўлганимни айтмайсизми? Хотинимнинг айнан гул совға қилиши узук бўлган бўлса, гуллар бу узукка кўз бўлиб тушганди...

Юзига ёмғир томчиси тушди. Ҳикмат чўчиб атрофга аланглади. Касалхона ҳовлисида турган экан. Атрофда сайр қилиб юрган касалларни, қўлида пакет билан шошиб кетаётган кишиларни кузатиш мумкин. Ҳикмат йўлкадан ўзи ётган бўлинма жойлашган бино томон кетиб бораркан, яна хаёлга чўмди. “Менинг бахтли бўлишим учун ҳам кичкинагина бир шарт етарли экан... Бироқ бу шарт шунчалик ўзига хос, бошқа инсонларникига ўхшамайдики, ўзим ҳам бундан лолман. Бу бахтни ахлоқсиз бахт деса бўлади... Ахлоқсиз, лекин... инсоний бахт...”.

Инсон ҳаётининг яна бир қизиқ томони шундан иборат эдики, Ҳикмат ҳеч қачон аёллар кетидан югурмаган, ҳатто уларга қандай яқинлашиш ва хушомад қилишни ҳам билмасди. У олган жинсий тарбияни ўзи ҳам, атрофдагилар ҳам мукаммал деб билишарди. “Эҳ, агар ҳамма ички ҳоҳишларимиз, юрагимиз туб-тубидаги майлларимиз, қалбимизнинг қайсидир қатламларида мудраб ётган интилиш ва уйқусираган муддаоларимизни билганимизда эди, ҳар биримиз пайғамбар бўлардик...”.

Асила опа Ҳикматни тўғри тушунди шекилли, уни яна икки марта кўрган келди. Ҳикматни майлдан, эришиши мумкин бўлган бахтдан титроқ тутсада, бу ҳақда энди оғиз очмади. Асила опа эса, албатта, бу мавзуга қайтмади...



2000 йил, декабр - 2001 йил, март





1 изоморф – ўхшашлик, мослик, бир хиллик.

2 конгениал – руҳият ва тафаккур тарзи бўйича ўхшашлик.

3 оранжерея – шу ер иқлимига чидамсиз ўсимликлар учун уларни сақлаш ва ўстириш мақсадида ойнадан ясалган махсус хона.

4 контраст – кескин ифодаланган қарама-қаршилик.

5 интенсив – зўр бериш, кучаниш.