Пўкак



Табиатдаги сув юзида сузувчи жисмларга кўп мисоллар келтириш мумкин. Масалан, ёғоч. Тўғри, баъзи пишиқ дарахтдан тайёрланган ёғоч турлари сувда чўкиб кетади, шунга қарамасдан уларнинг аксарияти сув устида СУЗАДИ... Бироқ менга пўкак ҳеч қачон ЧЎКМАСЛИГИ билан ёқади. Уни сувга ботирсанг, яна барибир қалқиб юзага чиқаверади. Пўкак мен учун абадий сиртқилик, усткилик тимсолидир

Худо ҳоҳласа, пўкакдан уй қураман. Бунинг одатдаги уйларга нисбатан устунлик томонлари кўп. Бундай уй иссиқ бўлади – биласиз, термоснинг оғзига беҳуда пўкак қўйилмайди. Болалар ҳамда қариялар хурсанд бўлишади – ўйнаганда, йиқилганда қаттиқ тушмайди киши. Бундан ташқари, бундай уй ҳеч кимда йўқ, ёлғиз менда бўлади. Ва ниҳоят, Худо кўрсатмасин, тошқин ёки сел бўлса, менинг уйим бутун қолади. Иложи бўлса, ҳам тобутимни, ҳам кафанимни пўкакдан буюртираман. Кўнглимнинг туб-тубидаги мақсадларимдан бири – Африкадан пўкак дарахтини олиб келиб, бизнинг иқлимга мослаш, парваришлаб кўпайтириш.

Албатта, ягона пўкакка ёпишиб олмаслик лозим. Бундай сифатга эга материаллар талайгина. Гап сув устида имкони борича кўпроқ вақт ушланиб тура билишда. Лекин бу осон иш эмас. Одам ақлни ишлатиб, зийраклик билан, кези келса қувлик, тадбиркорлик ва устомонлик қилибгина мақсадга эриша олади. Ниначини олинг, у сув юзида бемалол юраверади. Тасаввур қилинг-а, доим сув юзида, юзада! Бунинг учун пўкакка эга бўлиш шарт эмас. Минг-минг тоннали, хилма-хил металлардан қилинган кемаларчи? Булар ҳам ақлнинг айёрлиги орқали амалга ошган! Мен, албатта, сув ости кемаларини ҳисобга олмайман. Уларни беўхшов, кераксиз ва умуман олганда, бемаза мақсадлар учун қурилган машиналар деса бўлади. Қадимги Юнонистонда Архимед1 деган олим яшаганини ҳамма билади. У тез-тез ҳаммомга бориб турган, деб ёзишади. Тозаликни ким яхши кўрмайди дейсиз! Бироқ у ҳаммомга фақат ювиниш учун бормаган - Архимед у ерда асосан тажриба ўтказган. Уни жисмларнинг сузиш сабаблари ҳамда шарт-шароитлари қизиқтирарди. Албатта Архимедни фақат СУЗИШ эмас, умуман жисмлар, уларнинг ҳолатлари, бир-бирлари билан муносабатлари, алоқалари ўйлантирган. Менинг танам сувда бир бошқа, қуруқликда бир бошқа, деб ўйларди у. Нима учун шундай? Сувда мен енгилроқ, эркинроқман. Бунинг сабаби нимада? Қандай қилиб мутлақ эркинликка, юзада бемалол қалқиб юриш эркига эга бўлиш мумкин, деган саволлар ўртарди уни.

Узоқ изланишлардан сўнг у саволларига қониқарли жавоб топди. Фанда “Архимед қонуни” деб номланмиш қонунни - сузиш ва мувозанатда бўлиш шартларини кашф қилди. Мана шундан кейин ҳам сузишни билмаган, ҳаёт мувозанатини сақлай олмаган одамларга хайф, минг бор хайф! Бироқ бундай кишилар икки минг уч юз йил олдин ҳам бор эди, энди ҳам етарлича топилади.

Бир тарбияси ёмон кишини биламан. Тўғри, бундан ўзи ҳам қийналиб юради, лекин бошқаларни кўпроқ қийнайди. Биринчи камчилиги - ўлгудай одамови. Қолаверса, тўнг, дағал. Шунга қарамасдан, таъсирчан, берилувчан феъли бор. Табиатидаги бу қарама-қаршиликлар, шахсона ички низо ва зиддиятлар уни доим ўзи билан ўзи ихтилоф қилиш ҳамда ҳардам ўзидан ва атрофдагилардан норозилик туйиш ҳолатига солиб қўйди. Бироқ муҳими бу эмас. Ундаги асосий қусур оқимга қарши сузиш, ҳамма юзага чиқаман деган пайтда теранликка интилиш, қалқиб тепага кўтарилиш ўрнига пастга чўкиш ва шунга ўхшаган бемаъни ҳатти-ҳаракатларда кўринади. Қисқаси, бу “ажойиб инсон” яшашни билмайди ва бошқаларга ҳамиша халал бериб юради.

Сўнгги вақтларда у қандайдир ўз кашфиёти ҳақида кўп гапирадиган бўлиб қолди. У ўзига, ўзлигига чўкишга ёрдам берадиган мослама, асбоб яратганмиш. Хўш, бу янгиликнинг кимга ва нимага кераги бор? Ўзига чўкиш нима дегани? Бу йўл билан қанча доллар ва умуман қандай бойлик топиш мумкин? Унингча ўзига чўкиш ҳар бир одамнинг ўз уринишлари, ғайрат ва диққат-эътиборини сафарбар қилиши натижасидагина амалга ошиши мумкинмиш. У доим шуни таъкидлашдан чарчамайди. Бусиз ҳар қандай мослама бефойдамиш. Тавба қилдим, тоққа чиқмасанг дўлона қайда, жон куйдирмасанг жонона қайда, дейди халқимиз. Ҳамма ишда ҳам зўр бермасанг пичоққа илинадиган натижа ололмаслигинг ҳамма маълумку, тўғрими? Аммо, бошқа томондан ўйлаб қаралса, одам беҳуда зўриқмасдан, қулдек тер тўкмасдан ҳам катта натижаларга эришиши мумкин. Масалан, тиббиётнинг ривожланиш савияси шунга олиб келдики, фақат витаминлар қабул қилиш орқали мушакларни бақувват, соғлом, чиройли қилиш мумкин. Бунинг учун спорт снарядлари ва тренажерларда узлуксиз тер тўкиш, зўриқиш шартмас. Прогресс дегани шу эмасми ахир? Ўйлашимча, вақти келиб, одамни керакли билим билан тўлдирувчи, унинг ақлини пешловчи таблеткалар чиқади: “физика” таблеткасини истеъмол қилсангиз, ҳеч уринишсиз физик бўласиз, математик бўлмоқчи бўлсангиз ёшликдан устига “математика” деб ёзиб қўйилган дорини сурункали қабул қилиш етарли. Тўла ишонч билан айта оламанки, “дўстимиз”нинг мосламаси тўла-тўкис инқирозга учрайди, уни ҳеч ким сотиб олмайди, ҳатто қизиқиш билдириши ҳам қийин.

“Ўзига чўкиш” деган нарсани аслида шарқда ўйлаб топилган. Кейинчалик ғарбдаги баъзи нодонлар уни ўзлаштириб, “медитация”, “транс ҳолати” ва ҳоказо деб номлашган. Ҳиндистондаги йогларни, Хитойдаги конфуцийлик тарафдорлари, даочилар, дзэнчилар ва будда вакилларини, Ўрта Осиёдаги суфийлик намояндаларини мана шу дарднинг асосий тарғиботчилари ҳисоблаш мумкин. “Ўзига чўкиш” нима беради? Унинг кимга ва нимага кераги бор? Бу нарса алкогол, наркотик, реал ҳаётдан чалғитувчи восита эмаслигига ким кафолат бера олади? Шуларни тарбияси ёмон танишимга айтганимда, у касал одамдек, алаҳсираш билан жавоб берди. Эмишки, чин реаллик инсон ичида, унинг ички дунёсида, қалбида, кўнглида. Агар киши чинданам тўлалигича ўзига чўколса, у ерда(!) Оллоҳни, умуман бошқа оламни ёки оламларни топармиш. “Ўзлик – виртуал реаллик эмаски, унга тушиб олиб ўйин ўйналса ёки роҳатланилса. Бироқ ўзликнинг виртуал реаллик билан умумий томони ҳам бор – бу кўпчилик кўрмасдан, билмасдан, ҳис қилмасдан ўтиб кетадиган борлиқ”, - деди у.

Биз дунёни ўзимиз қандай бўлсак, шундай кўрармишмиз. Бу нима деганинг, десам, “фараз қилинг, хонада бир бола ўйнаб ўтирибди. Хонадаги стол тортмасида қимматбаҳо тақинчоқлар бор. Бу ерга ўғри кириб, тақинчоқларни олиб чиқиб кетади, бироқ бола ўғирлик ҳақида умуман гумон қилмайди, чунки унинг қалбида дуздлик йўқ, у ўғрини кўрмайди. Мана кўрдингизми, биз атрофда, ўзимиздан ташқарида фақат ичимизда, ўзлигимизда бор нарсанигина кўрамиз”, дейди. Бола каби содда, гўл бўлиш, оғзингдаги ошни олдириш, ёнингда нима бўлаётганлигини тушуниб етмаслик, анқовлик ва меровлик сен интилган ҳолат эканда, деб кулдим. У менга Жалолиддин Румий маснавийлари, унинг “Ичиндаги ичиндадир” асари, Баҳоуддин Нақшбандий тариқати, тасаввуф илми, имом ал-Бухорий мақоматлари, маънавийлик, руҳийлик ҳақида гапириб кетди. Ҳатто ҳозирги вақтда физик олимлар митти электрон ичида бир ёки бир неча Коинот ётганлигини исботлашганмиш.

Қадимги файласуфлардан бири “ўзлигингни англа” шиори билан яшаганлигини айтди. Ичимда кулдим. Биламан ўша сухандон кимлигини, ўқиганман мен ҳам2. “Ўша файласуф ҳаётини қандай тугатганини эшитганмисан? – сўрадим мен. - Ёшларнинг миясини хом-хатала, бўлмағур ғоялар билан тўлдиришга ҳаракат қилгани учун ҳамшаҳарлари уни ўлимга маҳкум қилишган. Ҳукм ижро этилганми? - деб сўрарсан, эҳтимол. Ҳа, ижро этилган. Ёзишларича, сўнгги дақиқаларда дўстлари унинг одига келиб, қочишга ундаганлар. Бироқ у ўз хатоси ва айбини тушуниб, шундай жазога лойиқлигини англаб етган ҳамда қочишдан бош тортган. Унинг бирдан-бир мардлиги мана шундан иборат деб ҳисоблайман. Гапнинг пўсткалласини айтганда эса, ҳозир замон бошқа. Арасту, Афлотун, Форобий, Навоий, Жомий, Ҳеҳел, Нитсше, Хайдеҳҳер, Сартр, Хосе Ортеҳа-и-Ҳассет, Борхес, Мамардашвили ва хоказо ва хоказо олиму фузалолар, донолар, уларнинг айтганлари ўз вақтида ўтди-кетди, бундан кейин ҳам ўтаверади. Ҳар бир мутафаккирга қулоқ тутишмас, ўз ҳаётингни қуришинг лозим, умуман олганда эса бундай тафаккур эгалари ҳар бир даврда бўлган, бундан кейин ҳам бўлаверади, мен эса ўз ҳаётим билан яшашим керак”, дедим. Менга у яна маънавийлик, руҳийлик ҳақида ғўлдирашни бошловди, бироқ мен шарт бурилиб жўнавордим.

Чинданам менинг кемам, ҳаёт кемам пўкакдан иборат бўлади. Фақат бир нарсани доим Худодан сўрайман – ишқилиб ҳаёт суюқлиги, унинг маромини таъминловчи оқим пўкакдан ҳам енгил бўлиб кетмаса бўлди! Чунки бундай хавф ростдан ҳам мавжуд. Бироқ бу бошқа мавзу... 

Сен, 2000 йил - Окт, 2000 йил

 


1 -  Архимед – қадимги юнон олими. Эрамиздан олдинги 287-212 йилларда яшаган. Асосий илмий ишлари статика ва гидростатика бўйича.

2 - Гап Суқрот ҳақида кетмоқда. Суқрот – эрамиздан олдин 470-399 йилларда яшаган қадимги юнон файласуфи. “Янги худоларга сажда қилиш” ҳамда “ёшларни бузишлик”да айбланиб, ўлимга маҳкум қилинган (цикута дарахтидан иайёрланган заҳарни ўз ҳоҳиши билан қабул қилиб оламдан ўтган). Ўз тақлимотини оғзаки баён қилган. Унинг ғоялари шогирдлари Афлотун ва Ксенофонт орқали бизгача етиб келган. Суқротнинг “Ўзлигингни англа” ҳамда “Мен битта нарсани - ҳеч нарсани билмаслигимни биламан” иборалари дунёга машҳур.