Ўзбекча тўплам



***

Гар электроннинг жони бўлганда эди
Ўз ичидан топарди янги коинот.
 
Ундаги электронда эса ётарди
Бизнинг Коинот – улкан, бепоён,… ҳайҳот!
 

3 май 1992 йил

 

***

Шундайин ажойиб шеър яратсамки, 
Жоним унда ўз аксини топса.
 
Қалбим қатламларини ипга тортсамки,
 
Қоним ерга томчилаб турса…
 

10 май 1992 йил

 

***

Ёғмоқда баҳор ёмғири…
Бадиийлик қоплади таним,
 
Эсим бўлиб оғмоқдан бери
Чексизликни туяди қалбим…

11 май 1992 йил

 

***

Ҳозир ёзмоққа шеър йўқдир кайфият, 
Дилгир нохушликни сезмоқда кўнглим.
 
Лекин шеър бўлса мазмун-моҳият,
 
Аксланар унда ҳар қандай ҳолат.
 

18 май 1992 йил

 

Осмон устуниман…1

Тўғри, ҳаётда мендан оддийси йўқ, 
Ҳа, амалда ҳам мендан соддаси йўқ,
 
Мендан – югур-югурда – бошқа ҳеч кимнинг
Рост, инсонлигим исботлагиси йўқ…
Мен эса, билинг, осмон устуниман.
 

Тўғри, баъзида мендан мағрури йўқ, 
Аслида мен бир инсон – ғурури йўқ,
 
Ҳаёт тарзида ҳеч бир мантиғи йўқ,
 
Бировга тантилиги, тортиғи йўқ…
Аслида мен – осмон устунима.
 
Эвоҳ, ҳаммамиз ҳам шундаймиз, шундай –
 
Биз бўлмаск Ер ҳам кўкариб қолар,
 
Бизсиз осмон-кўк ҳам энкайиб қолар,
 
Бизсиз коинот ҳам торайиб қолар –
 
Инсон айтар – мен осмон устуниман!
 

11 июн 1992 йил

  


1«Юр муҳаббат, юр, кетдик бундан» ашуласи мелодиясига.